بسم الله الرحمن الرحيم
Аллома ибн Атоуллоҳ ас-Сакандарий ҳақларида
У зот буюк шайх, имом, тожуддин (диннинг тожи), таржумонил орифийн (орифлар таржимони), Абул Фазл ва Абул Аббос Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Абдулкарим убн Абдурроҳман ибн Абдуллоҳ ибн Аҳмад ибн Иса ибн ал-Ҳусайн ибн Атоуллоҳ ал- Жузомийдирлар. Ибн Атоуллоҳ Мисрининг Искандарийя шаҳрида ҳижрий 658, мелодий 1260 йилд таваллуд топганлар. Зоҳирий илмларни мукаммал ўрганганлар. Фиқҳда имом Молик ва имом Шофеьийнинг мазҳабларини чуқур билимдони бўлганлар.
Ибн Атоуллоҳ зоҳирий илмларда олим даражасига етган вақтларида ботиний-тасаввуфий илмларни инкор қилар, бу йўналишга шубҳа назари билан қарар эдилар. Ўша замонда тасаввуф намоёндаларидан машҳурлари бўлган Абул Аббос ал Мурсий ҳаёт эдилар. Ибн Атоуллоҳ шундай ҳикоя қиладилар: “ Мен у кишини ишларини инкор қилардим, у кишининг йўлларига эътирозларим бор эди. У кишининг шогирдларидан баъзилари билан мунозара қилиб турардик, аммо ўзларини кўрмагандим. Мен уларга зоҳирий илмдан бошқа илм йўқ дея уларнинг даъволарига эътироз билдирардим. Бир кун ўзимга ўзим “шу одамнинг мажлисига бориб бир тинглаб кўрсам, ҳақ эгасининг ўз белгилари бўлади, шунга қараб билиб оламан” деб мажлисларига бордим. Қарасам у киши Шореъ (Аллоҳ) амрлари ҳақида гапираётган эканлар. У зот шундай дердилар: “Биринчиси Ислом, иккинчиси иймон ва учинчиси эҳсондир. Хоҳласанг, биринчиси ибодат, иккинчиси қуллик қилиш ва учинчиси қул бўлиш деб айт. Ёхуд, хоҳласанг, биринчиси шариат, иккинчиси ҳақиқат ва учинчиси ҳақиқатга (рўёбга) чиқариш деб айт”. У зот “Агар хохласанг ундай де, агар хохласанг бундай де” дея жуда гўзал тушунтирар эдиларки, менинг ақлим шошиб қолди ва у зот илоҳий денгиздан сув ичиб, раббоний мададдан куч олишларини билдим, Аллоҳ у кишига нисбатан қалбимдаги ёмон гумонларни кетказди. Уйга қайтдим. Қалбимда ажиб бир ҳис пайдо бўлган эди. Бир жойда ёлғиз ўтириб осмонга, юлдузларга, ва Аллоҳнинг ундаги ажойиб махлуқотларига қараб туриб Абул Аббоснинг олдиларига яна қайтгим келди. Уйларига бордим. Менга изн берилди. Кирганимда у киши мени ўринларидан туриб, очиқ юз билан кутиб олдилар. Мен бунга арзимаслигимни билиб хижолатдан даҳшатга тушдим. У кишига биринчи бўлиб мен: “Эй ҳожам, Аллоҳга қасамки, мен сизни яхши кўраман” дедим. У киши “Мени яхши кўрганингдек Аллоҳ ҳам сени яхши кўрсин” дедилар. Сўнгра мен у зотга қалбимда бўладиган ғаму ташвишлардан шикоят қилдим. Шунда у зот шундай дедилар: “Банданинг тўрт ҳолати бор, бешинчиси йўқ. Неъмат, балою офат, тоат ва маъсият. Агар неъмат ҳолатида яъни ичида бўлсанг, Ҳақнинг сендан талаби шукрдир. Агар балою мусибатда бўлсанг Ҳақнинг сендан талаби сабрдир. Агарда маъсиятда бўлсанг сендан Ҳақнинг талаби истиғфор, агар тоатда бўлсанг сендан Ҳақнинг талаби унинг бундаги неъматларини кўра билишингдир.” Бу гаплардан кейин ғам ташвишларим гўёки кийимдек эчиб ташланган ҳолда у зотнинг ёнларидан туриб кетдим”.
Бу воқеалардан сўнг Ибн Атоуллоҳ Абул Аббос ал Мурсийни руҳий устоз сифатида маҳкам тутадилар ва устозлари Абул Аббоснинг у кишига: “Сен албатта иккала мазҳаб, яъни ҳам зоҳирий, ҳам ботиний мазҳабларнинг олими бўласан” деган башоратлари рўёбга чиқиб тасаввуфнинг буюк имомларидан бўлиб етишадилар. Устозлари Абул Аббос вафотларидан сўнг Шозилийя тариқатига бошчилик қилиш Ибн Атоуллоҳга ўтади. У киши учун ал-Азҳарда фиқҳ, тафсир, тасввуф ва унинг одоблари ҳақида алоҳида дарслар ташкил қилиб берилади. Буюк шайх ҳижрий 709, мелодий 1309 йил жумодул охир ойида вафот қиладилар. Мозорлари Қурофий, ўзлари сўфий ва тариқатлари Шозилийдир.
Ибн Атоуллоҳ кўп асарлар муаллифи ҳамдирлар. Булар жумласидан қўлимиздаги “Ал-ҳикам ал-Атоийя” китобидир. Бу китоб тўрт мавзуга асосланади: 1- панду насиҳатга тегишли, 2-амалларда ихлос ва ҳолларни тузатишга тегишли, 3- ҳолу мақомларни рўёбга чиқариш, бажариш, 4- илоҳий илм ва маърифатларга тегишлидир.
Бу китобдаги ҳикматлар ҳақиқатдан ҳам ўз лафзи ва маъноси билан олтин сувида ёзилишга лойиқ сўзлардир. Бу ҳикматлар ҳар бир мусулмон учун муҳим бўлган руҳий озуқадир. Аллоҳ барчамизга бу ҳикматларни ўқиб, улардан ўзимизга сабоқ олишни насиб қилсин. Амийн!
Энди биз қуйида Аллоҳнинг ёрдами билан “Алҳикам ал-Атоийя” китобида келган ҳикматларни шарҳига киришамиз.
Мир-Араб мадрасаси кутубхоначиси
Жиянов Улуғбек
Комментариев нет:
Отправить комментарий