АБДУЛЛОҲ ИБН МУБОРАК (118/736 — 181/797)
Ислом маданияти ва тамаддуни тарихида унинг ривожига салмоқли ҳисса қўшган кўплаб алломалар ўтган бўлиб, уларнинг энг улуғларидан бири буюк имом мақомига эришган аллома Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазийдир. Бу мўътабар зот ғоят кенг мушоҳадали илм соҳиби бўлиш билан бирга, ҳаётбахш амалий фаолияти билан ҳам шуҳрат қозонган. У кишининг ҳаёт йўллари барча инсоният учун ўрнак ўлароқ, асрлар оша мусулмонлар қалбида яшаб келмоқда. Ҳаттоки у кишини сифатлаб айтилган мақтовлар ичида шундай сўзларга гувоҳ бўлишимиз мумкин. Буюк олим, Имом Нававий у киши ҳақида шундай деганди: “Абдуллоҳ ибн Муборак барча улуғликларни ўзида жамлаган имомдир. Уни зикр қилиниши билан раҳмат нозил бўлиб, уни яхши кўришлик билан Аллоҳнинг мағфирати умид қилинади”.[1]
Кўпгина тарихчилар Абдуллоҳ ибн Муборакнинг ҳаёт йўллари ва юксак даражадаги инсоний фазилатлари ҳақида қатор салмоқли асарлар яратганлар. Жумладан, Ибн ал-Имод ал-Ҳанбалий, Ал-Ҳофиз ибн Бишквал, Ибн Халликон, Шамсиддин аз-Заҳабий, Исмоил Пошша ал-Бағдодий, Абул Вафо ал-Мароғий, Устоз Али ат-Тантовий каби забардаст олимлар бу улуғ аллома тўғрисида йирик асарлар яратганлар. Афсуски, уларнинг аксар қисми бизгача етиб келмаган.
Тарихий маълумотларга кўра, Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий, уммавий халифалардан Ҳишом ибн Абдулмаликнинг даври ҳижрий 118 (милодий 736) йилда ҳозирги Хуросоннинг Марв шаҳрида туғилган. Абдуллоҳнинг отасини исми Муборак бўлиб, туркий қавмдандир. Муборак Ҳамазоннинг бани Ҳанзала қабиласидаги бир кишининг қули бўлган. Аббос ибн Мусъаб дейдилар: “Марвдан қуллар наслидан тўрт киши етишиб чиқди, уларнинг ҳар бири ўз асрининг етакчи имоми бўлган, улар; Абдуллоҳ ибн Муборак (Муборак қул бўлган), Иброҳим ибн Маймуна ас-Соиғ (Маймуна қул бўлган), Ҳусайн ибн Воқид (Воқид қул бўлган), Абу Ҳамза Муҳаммад ибн Маймуна ас-Сукарий (Маймуна қул бўлган)”.[2]
Абдуллоҳ ибн Муборакнинг оиласи ҳақидаги маълумотда Абдуллоҳнинг отаси Муборак, улуғ сиймоли, ниҳоятда тақволи бўлганлиги сабабли, мавлоси ўз қизини унга никоҳлаб бергани ва улардан тақвони мерос қилиб олган ўғли Абдуллоҳ туғилганлиги айтилади.
Абдуллоҳнинг отаси Муборак ғоятда тақводор бўлиб, аксар вақтини ибодат билан ўтказадиган солиҳ бир киши бўлган. Унинг художўйлиги ҳақида қатор тарих китоблари саҳифаларида шундай бир ажойиб ҳикоят ривоят қилинади. Муборак, кўп йиллардирки бир бойнинг боғида боғбон бўлиб хизмат қилар экан. Кунлардан бир кун боғнинг эгаси келиб, унга (боғбонга) “Мен ширин анор ейишни истайман”, дейди. Боғбон(яъни, Муборак) унга анор келтириб беради. Хўжайин анорни очиб, еб кўради. У нордон экан. Шунда унинг жаҳли чиқиб, “Мен сендан ширин анор келтиришни сўрасам, сен нордон анор келтирибсан-ку? Менга ширин анор олиб кел”, деб ўшқирибди. Шундан сўнг ибн Муборак бошқа анор келтирибди, сўйиб кўрса, у ҳам нордон чиқибди. Бой дарғазаб бўлиб, учинчи марта анор сўрабди, бу сафар келтирган анор ҳам нордон чиқибди. Шунда хўжайини: “Нима, сен ширин анор билан нордон анорнинг фарқини билмайсанми?”, – деб сўрабди.
У: “Билмайман”, – дебди. “Наҳотки билмайсан”,- деб сўрабди боғнинг эгаси. Шунда у: “Чунки мен шу пайтгача бу боғда пишган анордан сира еб кўрганим йўқ”, – дебди. Хўжайини: “Нега емагансан?” – деганда , у: “Чунки сиз анордан татиб кўришга изн бермагансиз”,- деб жавоб қилди. Унинг бу гапидан боғнинг эгаси бироз ажабланиб, тергай-тергай, ниҳоят, боғбоннинг гапи ростлигига амин бўлибди. Шундан сўнг унинг хўжайини олдида обрў-эътибори ва ҳурмати ошибди. Хўжайинининг бир қизи бўлиб, шу аснода жуда кўп совчилар келиб турган экан. Бир кун бой боғбонидан: “Эй Муборак, қизимни кимга турмушга беришни маслаҳат берасан?,- деб сўрабди. Шунда у: “Жоҳилия асрининг аҳли шуҳратига, яҳудийлар мол-дунёсига, насронийлар ҳусни жамолига, бизнинг умматимиз (мусулмонлар) эса дину-диёнатига қараб уйланадилар”,- дебди. Унинг бу гапи хўжайинига ғоятда ёқиб қолибди, унинг ақл заковатига тан берибди. Бу гапни хўжайини онасига бориб етказибдида: “Қизимни Муборакдан бошқа бирон қишига турмушга бермайман”,- дебди ва тез орада ўз муддаосига эришибди. Вақт-соати етиб, боғбон Муборак оиласида Абдуллоҳ ибн Муборак туғилган экан.
Бу ажойиб қиссадан аён бўлаётирки, Ибн Муборакнинг оиласи ғоятда тақводор, солиҳ, художўй бўлган. Бинобарин, Абдуллоҳ мана шу диндор оилада ўсиб-улғайиб, тақво ва дину диёнатни ўз отасидан пухта ўрганган, чуқур ўзлаштирган.
Абдуллоҳ ибн Муборакни онаси Хоразмлик бўлган. Манбалар Абдуллоҳ ибн Муборакни онаси Хоразмлик бўлганлигини тасдиқлайди. Бу манбалар ичида Абдураҳмон ибн Оли ибн ал-Жузийнинг Ҳасан ибн Али ибн Шақиқдан келтирган маълумоти алоҳида ажралиб туради. Ҳасан ибн Али: “Ибн Муборакни онаси туркий бўлган. Бунга шубҳа қиладиганларга аниқ далиллар бор” – дейди.[3]
Ўша даврда Марв шаҳри илм-фаннинг марказларидан бири бўлиб, бу ердан кўплаб олиму уламолар етишиб чиққан. Бинобарин Абдуллоҳ ёшлигидан ана шундай фозил инсонлардан, устозларидан Қуръони карим, ҳадис, наҳв, сарф, шеър, адабиёт ва араб тилидан етарли даражада илм олган. Абдуллоҳ ибн Муборак Марв шаҳрида йигирма йилдан ортиқроқ яшаб, тарихчи Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг ёзишича, ҳижрий 141 (милодий 760) йилдан эътиборан илмини ошириш мақсадида узоқ юртларга сафарга отланган, у хорижий юртларга сафарларини Ироқдан бошлаган. Айни вақтда ёшлик йилларида ўз даврининг моҳир тижоратчиси ҳисобланган отасининг савдо-сотиқ ишларига ҳам кўмаклашган.
Илм олишга астойдил бел боғлаган Абдуллоҳ ибн Муборак умрининг кўп йилларини араб мамлакатларида ўтказган, жумладан, Яман, Ироқ, ал-Жазира ва Шомда узоқ йиллар яшаган. Бу ҳақда “ҳадис ўрганиш мақсадида у бутун дунёни кезиб чиққан”, деган тавсиф ҳам бежизга айтилмаган.
Бу шаҳарларнинг ҳар қайсисида бўлганда, у, аввало, олимлар – устозлар билан мулоқотда бўлар ва улардан қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, адаб ва бошқа исломий илмлардан сабоқ олар эди. Шуни таъкидлаш жоизки, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг қувваи ҳофизаси, яъни ёдлаш қобилияти ақл бовар қилмайдиган даражада кучли бўлган. Манбаларга кўра у ҳар қандай асарни бир марта диққат билан мутолаа қилгач, хотирасида мустаҳкам сақлаб қоладиган даражада кучли хотирали олим бўлган. Абдуллоҳ одоб-ахлоқда ҳам тенгқурлари орасида ажралиб турган. У ёшлигидан одоб-ахлоққа алоҳида эътибор бериб, бутун умри давомида шу ақидага содиқ қолган. У ўзи ҳақида “Мен одоб-ахлоқни ўттиз йил, илмни эса атиги йигирма йил ўргандим”,- деб таъкидлаган. Энг муҳими, у илм олиш масалаларига ҳам ҳар доим юксак одоб-ахлоқ нуқтаи назаридан ёндашиб, мудом ўз устозларининг меҳру муҳаббатини қозонган ва “Шайху устозлар хизматини сидқидилдан адо этишнинг ўзи ярим илмдир”, – деб ҳисоблаган ва баъзилар:”Нега илмга бунчалик очкўзсан?”-деб сўраганда, у: “Шундай улуғ ишдан (яъни, илм олишдан) ҳам сира тўйиб бўладими?”, – деб жавоб берар экан.
Ҳадис олимлари унинг ҳадис эшитиш ва ёзиб олишдаги кучли иштиёқи ва чексиз қизиқишини кўриб, ундан: “Қачонгача шу аҳволда давом этасан?” – деб сўраганларида, у: “Менинг шу зайлдаги ишимни то ўлгунимча кўришларингни жуда-жуда истардим”, – деб жавоб берган экан. Абдуллоҳ ибн Муборакнинг мана шундай ажойиб фазилатларини кўрган кўпгина таниқли олимлар уни жуда юқори сифатлар билан таърифлаганлар. Жумладан, Муътамар ибн Сулаймон: “Ибн Муборакка ўхшаганини сира кўрмаганман”,- деб таърифлаган бўлса, Абдураҳмон ибн Маҳдий: “Абдуллоҳ ибн Муборакдан кўпроқ ҳадис жамлаган муҳаддисни кўрмадим”,- деган ғурур билан. Ибн Ҳанбал эса: “Унинг давридаги илм аҳлларидан бирортасида ҳам Ибн Муборакда бўлган ҳислатлар йўқ. Чиндан ҳам у, илму ирфоннинг бир хазинаси эди”,- дея эътироф этган.
Ибн Муборакнинг илм олиш мақсадида кўпдан-кўп сафарлар қилган. У сиқа, яъни жуда ишончли деб танилган ҳар қандай олимдан илм ўрганган. У ўзидан олдин ўтган олимлардан ҳам, ўзига замондошлару ҳатто ўзидан кичик бўлган олимлардан ҳам ҳадислар ёзиб олган. Шунга кўра унинг устозлари ҳисобига етиб бўлмайдиган даражада кўп бўлган. Юқорида ал-Аббос ибн Мусъаб ўз тарих китобида Иброҳим ибн Исҳоқ орқали Ибн Муборакдан қуйидагича ривоят қилади. У (Ибн Муборак): “Илмни мен тўрт минг олимдан ўрганиб (олиб), улардан мингтасидан ҳадислар ривоят қилганман”,- деб айтган экан. Шунингдек, Аббос ибн Мусъаб: “Мен Муборакнинг устозларидан саккиз юзтаси билан учрашганман”,- деган. Олим (ровий)ларнинг исми-шарифлари қайд этилган сийрат китобларида у илм олган тобеъий ва табъа тобеъийларнинг ададлари ғоят кўплигидан уларнинг саноғига етиб бўлмаслигини таъкидлаб ўтганлар.
Баъзи муаллифлар томонидан номлари келтирилган устозлари ҳақидаги маълумотлар бошқа муаллифлар асарларида негадир тушириб қолдирилган. Ибн Муборакнинг устозлари ҳақидаги тўлиқроқ маълумотлар XV асрда яшаган машҳур тарихчи Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг мўътабар манба ҳисобланмиш “Таҳзиб ат-таҳзиб” асарида келтирилган. Унинг энг кекса (дастлабки) устози ар-Робиъ ибн Анас ал-Хуросоний бўлиб, ибн Муборак журъат қилиб, унинг ҳузурига қамоқхонага (у ҳибсда бўлганда) кириб, ундан қирққа яқин ҳадис эшитган. Ибн Муборакнинг энг буюк устозлари Муаммар ибн Рашид (96/715-152/769), Суфён ас-Саврий (96/715-161/778), Юнус ибн Язид ал-Айлий (вафоти 159/776), Шуъба ибн ал-Ҳажжож (82/702-160/777), Абдуллоҳ ибн Лақийъа (97/716-174/790), Абдураҳмон ал-Авзоъий (88/707-157/774), Суфён ибн Уйайна (107/725-196/811), Ҳаммод ибн Салама (вафоти 167/784 йил), Ҳайва ибн Шурайҳ (вафоти 224/839), Мисъар ибн Кадом (вафоти 153/772)дир. Бу олимлар Ибн Муборакнинг энг кўп мулоқот қилган ва улардан энг кўп ҳадис ривоят қилган устозлари ҳисобланади. (давоми бор)
Ҳадис илми мактаби раҳбари
Олимхон Юсупов
[1] Муҳаммад Усмон Жамол “Абдуллоҳ ибн Муборак” Дорул Қалам. Дамашқ 1998 йил.
[2]Муҳаммад Саид Муҳаммад Ҳасан Аҳмад Бухорий “Абдуллоҳ ибн Муборак ал-Марвазий” Саудия Арабистони 2003 йил.
[3] Муҳаммад Усмон Жамол. Буюк донишманд. Араб тилидан тарих фанлари доктори, профессор Убайдулла Уватов таржимаси. Имом Бухорий халқаро маркази – 2009 йил. http://www.bukhari.uz/?p=1513
Комментариев нет:
Отправить комментарий