АБДУЛЛОҲ ИБН МУБОРАК (118/736 — 181/797) 2-қисм
Ибн Муборакнинг шогирдлари шу даражада кўпки, уларнинг ҳисобига етиб бўлмайди, чунки ундан жуда кўп одамлар ҳадис ривоят қилганлар. Унинг шогирдлари жумласига нафақат унинг тенгқурлари ёки замондошлари, ҳатто Суфён ас-Саврий ва бошқа буюк алломалар каби ўзи илм ўрганган устозларини ҳам айтиш мумкин. Бу хусусда машҳур тарихчи Шамсиддин аз-Заҳабий шундай деган: Унинг шогирдлари кўплигининг сабаби шундаки, ибн Муборак ёшлик давридан бошлаб илмий фаолият ривожланган кўплаб мамлакатларга сафар қилиб, ўзи борган шаҳар ва қишлоқлар, ҳатто кичик маконларда ҳам жамоат ўртасида ҳадис айтиб тарқатар эди. Шу боисдан турли иқлимларда унинг шогирдлари кўп бўлган.
Қуйида Ибн Муборакнинг турли ўлкалардан бўлган таниқли шогирдлари ҳақида мухтасар маълумот бериб ўтамиз: Сувайд ибн Наср ал-Марвазий, Имом ал-Бухорий ва Ибн Ҳиббоннинг ёзишларича, у тўқсон ёшга кириб, ҳижрий 240/ милодий 854 йилда вафот этган. Муҳаммад ибн Муқотил ал-Марвазий, у аввал Бағдодда, сўнгра Маккада яшаб, ҳ 226/ м 841 йилда шу шаҳарда вафот этган. Абдуллоҳ ибн Усмон ҳ 145/ м 763 йилда туғилиб, ҳ 221/ м 836 йилда вафот этган. Аҳмад ибн Муҳаммад ал-Марвазий, тарихчи Ибн Ҳажар ал-Асқалонийнинг хабарига кўра, у 235ҳ, 850 м йилда вафот этган. Абу Курайб – Муҳаммад ибн ал-Алоъ ал-Марвазий, у ҳ 161/ м778 йилда туғилиб, ҳ 248 / м862 санада вафот этган. Ҳаннод ибн ас-Сирри ҳ152/ м769 йилда туғилган ва ҳ243/ м857 йилда вафот этган. Абу Бакр ибн Абу Шайба ҳижрий 159/ милодий 776 йилда таваллуд топиб, 253 ҳижрий/ 867 милодий йилда Маккада вафот этган. Ал-Ҳасан ибн Исо ал-Мосаржасий ан-Найсобурий, у ҳ140/ м758 йилда Маккадан қайтаётганида йўлда вафот этган.
Абул Ҳасан Али ибн Ҳажар ибн Иёс ибн Муқотил ас-Саъдий ал-Марвазий ҳ154/ м771 йилда таваллуд топиб, ҳ244/ м858 йилда тўқсон ёшида вафот этган. Али ибн ал-Ҳасан ибн Шақийқ ал-Марвазий ҳ137/ м755 йилда туғилган ва ҳ210/ м825 йилда Марвда вафот этган. Бу олимлар Ибн Муборакнинг энг машҳур шогирдларидан ҳисобланади.
Ибн Муборакнинг ўз устозларига бўлган чексиз ҳурмат-эҳтироми, беқиёс муҳаббати ҳақида ёзма манбаларда кўплаб маълумотлар келтирилади, шу билан бирга, алломанинг ўз шогирдлари билан самимий муносабати, ҳар доим уларнинг манфаатини кўзлаб иш тутиши, Шарқнинг турли мамлакатларидан бўлган садоқатли шогирдларининг ўз устозлари дарслари ва илмий мажлисларига доимо кучли иштиёқ билан талпинишлари ҳақида ҳам кўплаб хабарлар учрайди. Ибн Муборакнинг Марвдаги ҳовлиси жуда катта бўлишига қарамасдан, ҳар доим толиби илмлар билан лиқ тўла бўлар эди. Бундан ташқари, аллома катта-катта майдонларда ва одамлар гавжум бўладиган бошқа жойларда ҳам ё ҳадисдан бўладими ёинки бошқа илмлардан бўладими ҳеч бир зиқналик ва хасислик қилмасдан ўз билимини толиби илмларга улашишдан асло чарчамасди. Бундан ташқари, Ибн Муборак ўзи зиёрат қилган шаҳарлар аҳлига ҳам ҳадис илмидан сабоқ берганлиги яхши маълум. Жумладан, бир неча марта Бағдодда ва Маккада, ал-Масжид ал-Ҳаромда ҳам ҳадислар ривоят қилиб, толиби илмларнинг олқишига сазовор бўлган. Ўз мухлислари ва шогирдларига тўғри йўл кўрсатиб, уларни рушди-ҳидоятга бошлаб, самимий панду насиҳатлар қилиш Абдуллоҳ Ибн Муборак учун қатъий қоида бўлганлигини бу сиймо ҳақида ёзган кўп тарихчилар алоҳида таъкидлаганлар.
Юқорида билдирилган фикр-мулоҳазаларни хулоса қилиб айтиш мумкинки, Абдуллоҳ Ибн Муборак илм олиш, айниқса исломий илмларни чуқур эгаллашда бутун кучи ва салоҳиятини сарфлаб, шундай буюк мақомга эришган. У ўз даврининг аксар илмлари бўйича етук олим сифатида бутун мағрибу машриққа танилган.
Имом Суютий “Тадрийб ар-ровий” асарида: “Биринчилардан бўлиб ҳадис (асар)ларни ёзма жаъмлаган олимлардан Маккада Ибн Журайж (вафоти 767 йил), Мадинада Муҳаммад ибн Исҳоқ (704-767 йиллар), Молик ибн Анас (708 ёки 715 йилда туғилган -795 йилда вафот этган), Басрада ар-Робиъ ибн Субайҳ, Саъийд ибн Абу Аруба (689-773), Ҳаммод ибн Салама (784 йилда вафот этган), Куфада Суфён ас-Саврий, Шомда ал-Авзоъий, Воситда Ҳушайм, Яманда Муаммар, Раййда Жарир ибн Абдулҳамийд, Хуросонда Абдуллоҳ ибн Муборак (736-798 йиллар) ҳисобланади”,- деб ёзган.
Ибн Муборак ҳадис илмида ўзига хос табиб ва фиқҳда беназир аллома сифатида эътироф этилгандир. Шу билан бирга Ибн Муборак бошқа илмларда ҳам ўзига хос қомусий олим сифатида шуҳрат қозонган. Чунончи у адиб, шоир, луғатшунос, муфассир, муаррих (тарихчи), наҳвий (грамматика илмининг олими) сифатида ҳам самарали фаолият кўрсатган. Унинг нафақат ҳадис ва фиқҳ, балки ушбу зикр этилган илмларга доир фаолияти, бошқача ибора билан айтсак, унинг илмий услуби (арабча манҳаж) чуқур тадқиқ этиш (изланиш), синчковлик билан ўрганиш (тамҳийс) ва аниқлик (дақиқлик) хусусиятлари билан ажралиб туради. Бинобарин Ибн Муборакнинг илмий манҳажи бешта ўзига хос жиҳатлари билан фарқланиб туради.
Биринчиси – чуқур илмий изланиш (тадқиқ) ва ишончлилик (дадиллик). Ибн Муборакнинг қувваи ҳофизаси кучли ва илмда собитқадам бўлганлигига қарамасдан, у фақат хотирасига таяниб қолмасди ва фақат бирон-бир ишончли манба (китоб)га асосланиб, ҳадислар ривоят қиларди. Кўпинча ўзига мансуб йигирма ёки йигирма бир минг ҳадис жаъмланган китобларига таяниб ҳадислар айтарди. Аҳли сунна вал жамоанинг буюк имомларидан бири Аҳмад ибн Ҳанбал бу хусусда шундай деган: “У (Ибн Муборак) улкан (илмий) хазина тўплаган эдики, улар биронта олимникига нисбатан кам эмасди. У ҳадисларни тўлиқ эгаллаб ёдлаган олим бўлиб, уларни бирор китобга (манбага) таяниб ривоят қиларди. Ибн Муборак ҳадисларнинг ровийларига (рижжол) ҳам ўта талабчанлик билан ёндашар эди. Чунки у фақатгина ишончли (сиқот) ровийларга таянган ҳолда ҳадислар ривоят қиларди. Бундан олдин зикр этилганидек, ибн Муборак ҳадисларни тўрт минг устоздан олган (ўрганган) бўлса-да, улардан фақат мингтасидан ҳадислар ривоят қилган. Бир сафар ундан: “Кимдан илм олишимиз керак?”- деб сўраганларида, у: “Кимки Аллоҳ розилиги учун илм олган бўлса, ўшандан”,- деб жавоб бердилар.У санад (ровийлар силсиласи)да ғоят даражада қатъиятли эди. Баъзан бир ровий ишончсиз ровийдан ҳадис айтган бўлса ҳам уни ишончли санар, баъзан бир ровийни ишончли ровийдан ҳадис ривоят қилган бўлса-да уни ишончсиз санар эди. Ибн Муборакнинг наздида санад (ровийлар силсиласи) мақбул бўлиши учун фақат ишончли ровий ишончли ровийдан келтирган ривоят бўлиши лозим эди.
У ҳар доим: “Ҳадиснинг мартабаси юқорилиги санадидаги ровийларнинг яқинлиги билан эмас, ҳадиснинг ровийлари тўғри сўз ва адолатли эканлиги билан боғлиқ”,- деб айтар эди.
Ибн Муборакка ҳадиснинг санади хусусида бу даражада қаттиққўллик қилиши ҳақида: “Аллоҳ розилиги учун ҳадис ўрганадиган одамга бу даражада қаттиққўллик зарурми?”- дейилганда, у: “Модомики у (одам) Аллоҳ розилиги йўлида ҳадис ўрганар экан, (ўрганаётган) ҳадиснинг санадига қаттиқ эътибор бермоғи зарур”,- деб жавоб берган экан.
Абу Исҳоқ ат-Талақоний шундай деган: “Мен Ибн Муборакдан Иброҳим ал-Хавзий ривоят қилган ҳадис ҳақида сўраган эдим, у бу санад билан менга ҳадис хусусида бирор нарса айтишдан бош тортди. Шунда унга Абдулазиз ибн Абу Разма: “Эй, Абу Абдураҳмон, унга бу санад билан ҳадис айтиб бер”,- деди. Шунда у: “Гуноҳга ботганимда тавба қилган нарсага яна қайтишимни буюраяпсанми?”- деди. Ҳасан ибн Исо Ибн Муборакдан бир киши ҳақида сўраганда у: “Уни билар эдим”,- деб жавоб берди. Ибн Муборак бирор кимсага “Уни билар эдим”,- деб таъриф берса, ҳақиқатда уни ҳалок қилган бўларди. Чунки бу калима ибн Муборакнинг ҳадис санадидаги ровийга берган енгилгина манфий таърифи эди. Ибн Муборак Абдуллоҳ ибн Шибрама ҳақида сўз кетганда: “У билан аҳён-аҳёнда бирга ўтирганман, лекин мен ундан ривоят қилмайман”,- деган сўзлари ҳам ана шу йўсинда айтилган эди.(давоми бор) Ҳадис илми мактаби раҳбари
Олимхон Юсупов
http://www.bukhari.uz/?p=1602
Комментариев нет:
Отправить комментарий